• Бош сахифа
  • Спорт
  • 4 йилга 555 миллион евро. «Барселона» ва Месси ўртасида тузилгани айтилган шартнома сурати тарқалди
Спорт

4 йилга 555 миллион евро. «Барселона» ва Месси ўртасида тузилгани айтилган шартнома сурати тарқалди

Испаниянинг El Mundo газетаси Лионель Мессининг «Барселона»даги фаолиятига боғлиқ шов-шувли маълумотни эълон қилди. Унга кўра, аргентиналик мегаюлдуз Каталония клубида ақл бовар қилмас даражада катта маош олган.

«Бу спорт тарихидаги энг катта шартнома», дейилади хабарда. El Mundo Месси ҳамда «Барселона» ўртасида имзоланган деб таъкидлаган шартномада ёзилишича, 2017 йилда имзоланган 4 йиллик келишувга кўра Месси максимум 555 миллион 237 минг 619 евро маош олиши мумкинлиги кўрсатилган. Бу долларда 674 миллионга яқин пул дегани. Кўрсатилган суммада бонуслар ҳам кўзда тутилган.

30 саҳифадан иборат шартномада Месси йилига бонуслар билан бирга 138 миллион евро маош олиши белгиланган. Шунингдек, унда 115 миллиондан ортиқ бонуслар ва 77 миллион евролик махсус содиқлик бонуси учун имзоланган келишувни ҳам кўриш мумкин. Газетанинг ёзишича, Месси аллақачон бу келишувга кўра 511,5 миллион евродан ортиқ маош олган. El Mundo эълон қилган шартнома сурати ESPN, La Nacion каби йирик нашрларда ҳам эълон қилинди.

Мессининг 2017 йилда «Барселона» билан имзолаган шартномаси 2021 йил 30 июнгача амал қилади. 2021 йил январь ойидан бошлаб футболчи бошқа клублар билан «Барселона»ни огоҳлантирмасдан музокара ўтказишга ҳаққи бор. Ҳозирда унга «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» жиддий қизиқмоқда. Бу клублар Мессини текинга қўлга киритгани учун футболчи жуда катта миқдорда кўтарма пули олиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шартнома сурати эълон қилингач, Мессининг вакиллари El Mundo’ни судга бермоқчи. Шунингдек, судга Мессининг шартномасини кўриш имконига эга бўлган «Барселона» вакиллари устидан ҳам арзнома киритилади. Чунки шартнома уларнинг иштирокисиз газетага чиқиб кетмаган бўларди, деб ҳисоблайди адвокатлар.

Мессининг вакиллари нашрни судга бермоқчи экани ҳақидаги хабар эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан шартнома шартлари чиндан ёзилганидек эканининг тасдиғи сифатида қабул қилинди.

Маълумот учун, Лионель Месси 2004 йилдан буён «Барселона» асосий жамоасида ҳаракат қилиб келади. У профессионал фаолияти давомида фақат «Барселона» клубида ўйнаган. Футболчи клубдаги фаолияти давомида 4 марта ЕЧЛда, 10 марта Ла Лигада, 6 марта Испания Кубогида, 3 мартадан клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Европа Суперкубогида ғалаба қозонган. Месси фаолияти давомида олти марта «Олтин тўп»ни қўлга киритган ва бу борада рекордчи ҳисобланади.

Тегишли хабарлар

Муштингнинг зарбига қойил!

Paxtakor Ovozi

Эдегор «Арсенал»га ўтди. У клубни АПЛ элитасига қайтара оладими?

Paxtakor Ovozi

Ўзбекистон миллий жамоасининг Дубай йиғинига чақирилган футболчилари эълон қилинди

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг