Танқид

Ҳақиқат аччиқ…

ОШКОРАЛИК — ИЖРОСИ БЎЛИШИ ШАРТ

Республикамизда йил сайин спорт соҳасига қаратилаётган эътибор тобора ортмоқда. Негаки, ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етиши ва юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришда спортнинг аҳамияти беқиёс.
Жумладан, Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг фаолияти ҳам ўқувчи-ёшларнинг, халқ таълими ходимларининг узлуксиз спорт турлари билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган. Ўз навбатида умумий ўрта таълим мактаблари ушбу жамият бўлинмаларининг бошланғич ташкилотлари ҳисобланади.
Жамиятнинг туман бўлинмаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Спорт турлари бўйича ўтказилган туман, вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда истеъдодли ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этиб, қатор ютуқларни қўлга киритиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Аммо, пандемия давридан сўнг бошланғич ташкилотлардаги аҳвол кўнгилдагидек эмас. Айрим мактаб раҳбарларининг бефарқлиги, совуққонлиги сабабли соҳадаги қатор қарор ва буйруқлар ижроси бажарилмасдан, спорт тўгараклари фаолияти қониқарсиз. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида илм даргоҳларига ташриф буюрганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик.
3-умумий ўрта таълим мактаб ўйингоҳи кўздан кечирилганда қатор камчиликлар кўзга ташланди. Баскетбол шитлари, футбол дарвозаси устунлари бўялмаган. Деворлар оқланмаган, жисмоний тарбия ўқитувчиси Абдузойир Раҳматов спорт тўгараклари фаолиятига оид бирор ҳужжат кўрсатолмади. 4-умумий ўрта таълим мактаби спорт майдонига назар ташласангиз дилингиз хиралашади. Ўйингоҳ ҳолати стандарт талабларига жавоб бермайди. 8-синф ўқувчилари жисмоний тарбия дарсида спорт формасида эмас. Ўқитувчи Актам Турдимуродовнинг иш режасида “қисқа масофага югуриш” мавзуси белгиланган. Бироқ, ўқувчилар волейбол ўйнаяпти.
Айрим мактаб мутасаддилари ташрифимизга эътироз билдириб, қандайдир буйруқ талаб қилиши кишини ажаблантиради. 8-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай бўлди. Директорни мактабда учратолмадик. Директорнинг таълим-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Қосим Узоқовдан спорт тўгараги машғулотлари журналини сўраганимизда текширишга ҳақларингиз йўқ. Бунинг учун махсус буйруқ бўлиши керак, деди тутақиб. Бунинг сабаби аниқ… Негаки журналдаги камчиликлар ошкор бўлиб қолиши мумкин.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситаларининг вазифалари хусусидаги фикрини билдириб ўтмоқчимиз. “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотлар талаби”. Шундай экан, давлатимизнинг ҳар бир қарори, фармон ва буйруқлари ижроси таъминланиши шарт.
Ўша куни мактаб иссиқхонасида юрган жисмоний тарбия ўқитувчиси Завқиддин Аҳмедов дарсим йўқ деб айтганди. Дарс жадвалида эса жисмоний тарбия фани аниқ ёзиб қўйилган. Мактаб спорт ўйингоҳи ҳам бошқа мактаблар қатори камчиликлардан ҳоли эмас. Волейбол устунларига осиғлиқ тўрлар шалвираб қолган. Ўқув биноси деворидаги спортга оид кўргазма бўёқлари кўчиб, таъмирталаб аҳволда.
10, 67-илм даргоҳларига борганимизда мактаб раҳбарини кўра олмадик. Туман марказига кетганини айтишди. 10-умумий ўрта таълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Азизбек Нуримов “Ёш футболчилар” тўгараги раҳбари ҳисобланади. Дарс жадвалига кўра машғулот вақти соат 14.00 га белгиланган. Орадан ярим соатча вақт ўтяпти ҳамки ундан дарак бўлмади. Ўқитувчилардан бунинг сабабини сўраганимизда, тоби қочиб директордан рухсат сўраган, деган баҳонани рўкач қилишди. 67-умумий ўрта таълим мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосаридан тўгараклар фаолияти билан танишиб чиқишимизни айтганимизда “завуч журналларни хонасида қолдириб, эшикни қулфлаб кетибди” деди. Қизиқ, мактаб раҳбарлари журналларни қаерда туришини наҳотки билишмаса? Билишади, лекин “айби” аён бўлишидан чўчишади.
Ўрганиш жараёнида 6, 8, 10, 13, 15, 67, 70-умумий ўрта таълим мактабларида “Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда соҳага оид қатор буйруқ ва хатлар ижроси таъминланмаган.
Ушбу мактаблардан қарорлар ижроси хусусида ўз муносабатларини билдиришини сўраб қоламиз.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғояни илгари сураётгани бежиз эмас. Ахир жисмоний тарбия ва спорт ҳам ушбу тизимнинг ажралмас қисми эканлигини айрим мутасаддилар унутган кўринади. Йўқса, ўқув йили якуни етяпти ҳамки, соҳага оид қарорлар ижросининг бажарилмай келинаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Биз ҳали ижро интизомининг юқоридаги мактаблар тимсолида кўриб чиқдик, холос. Қолганларида-чи? Бу мавзуга эса яна қайтамиз.
Муддаомиз холис, бировнинг “бурнини қонатиш” ёки унга ақл ўргатиш эмас, балки соҳадаги қарорлар ижросини қандай таъминланаётганлигини ўрганиш. Барчамизни олий мақсадимиз эса ягона. Келажагимиз бунёдкорлари ҳисобланмиш ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш.
Эшқувват УЛУҒОВ,
Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти туман бўлинмаси раҳбари.
Муҳиддин БОБОЁРОВ,
“Пахтакор овози” газетасининг махсус мухбири.

Изох қолдиринг