Жамият Махаллий Фототанқид

ҚАНДАЙ ИШЛАР МАҲАЛЛА? — “ЯЛЛИ, ЯЛЛИ ЯЛОЛА…”

Нечун бошинг эгик, нечун қаддинг хам,
Нечун нигоҳингни тортади тупроқ?
Менинг ер устида танишларим кам,
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ,
деб ёзган улуғ шоиримиз Абдулла Орипов.
Кексайганлар учун бу сатрлар тушунарли, бироқ, ёшу кексалигидан қатъи назар нигоҳини тупроқ тортмайдиган кимсалар жоҳил ва ёвуздир. Нигоҳи ердан узилганларнинг ер остида ҳам дўстлари бўлмайди…
Юқоридаги сатрлар менда ҳам анча маҳзун хаёлларни уйғотган. Кексайган сайин бу дунё фонийлигин теранроқ идрок этаверади киши, бор вужуди билан ҳурмат-иззатда бўлиш, қадр топиш истаги кучаявераркан, афсус, айнан ана шу эътироф умр ўтган сайин тақчил бўлиб қолавераркан. Бироқ, шуни ҳам чуқур ҳис этасизки, оёғи ердан узилган, кексалиги, демакки, заифлиги ҳали бироз нарироқда бўлганлар, ҳаттоки тупроққа қоришиб ётган улуғлар учун ҳам қадни хам тутишни идрок этаолмайдилар. Хотирасизлик, ашаддий манқуртлик ана шундай ҳиссизликдан келиб чиқади…
Мен туманимиз маҳаллаларида бўлиб бир нарсани ўзим учун аниқ англадим: бу ерда аҳоли улар, – улар – яхшиликни билмайдиганлар, норозилар, ношукрлар, ҳақиқатни юзга айтгани учун шикоятчи, ёзувчилар… Иккинчи тоифа – бизлар. Бизлар – халқпарвар, ҳалол, чумолидек кечаю-кундуз меҳнатда бўлган “фидокорлар”, шунча бўлиб ҳам раҳмат эшитмайдиган “бечоралар”. Адолатга таяниб таҳлил қилсангиз, бу ҳол бир кийимнинг чаппа-тескариси сингари. Ағдарилган кийимнинг ҳақиқий аҳволи кўзга яққол ташланади. Бироқ, инсоннинг ҳақиқий қиёфасини кўриш кийимнинг тескарисини кўриш каби осон эмас. Инсон қиёфаси унинг гапида, ишларида барибир намоён бўлади.
“Нарпай” маҳалла фуқаролар йиғини биносига кираверишингиз билан эгасиз вайронага тушиб қолгандек сезасиз, ўзингизни. Бу масканнинг тўрт тарафи ахлатхонага айланган, қуриб қолган узун-узун ўсимликлар билмадим, неча йилдан буён ўз ичига олам-олам ахлатларни йиғиб олган. Бино ичкариси ташқарисидан қолишмайди. Шу шароитда кимлардир ўтириб, халқ муаммоларини эшитиб, ҳал этишига ишониб бўлмайди. Аслида ҳам у ерда фақат оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Рўзигул Шодиевани кўрдик. Қолганларнинг ҳар қайси ҳар ишда экан.
Р. Шодиевага биз билан қаровчиси бўлмаган кексалар, кам таъминланганлар аҳволини кўриб, муаммолари билан танишиш учун уларнинг уйига боришни таклиф этдик.
78 ёшли Бобоқул Қурбонов яшаётган кулбачада газ баллонча устида овқат қайнаётган экан. Кулба совуқ, нам тортган. Темир печ ўрнатилган, лекин ёқилмаган. Электр иситгич ўчиқ, ток йўқ. Бобонинг ўзи оғир нафас олиб, бизга оғир аҳволи ҳақида куюниб гапирди. Бир вақтлари илмли, малакали ҳисобчи бўлиб ишлаган бу кекса кишининг бугунги аҳволини кўриб ҳам ачиниш, ҳам ажабланиш, ҳам вазифаси шу инсондек хўрланаётганлар дардига дардманд бўлиш ўрнига уларни мутлақо ташлаб қўйган юраксизлар — маҳалла мутасаддиларининг бепарволигидан ғазабланиш оғушида қолдим. Маҳалла бу кишини қаровчиси йўқ кексалар рўйхатидан ўчирибди. У киши 600 минг сўм пенсиясини қай бир эҳтиёжга етказсин?! Ўтингами, кўмиргами, электр тўловигами, еб-ичишигами, дори-дармонгами?.. Бир ойда бир марта бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳам кўра-била туриб “ота-она” маҳалла маҳрум этибди. Тўғри, Бобоқул бобонинг ўғиллари Шуҳрат, Шавкат, Шокирлар Россияда ишлаяпти, лекин улар отасининг ҳовлисиниям сотиб юборишган, бобо ҳозирги кунда жиянининг кулбасида яшайди. Нонкўр ўғиллар отанинг ҳолидан хабар олишмайди, унинг ҳали ҳаёт эканлигини унутиб ҳам қўйишган. Улар билан қонуний ҳисоблашишга отанинг кучи, ғайрати етарли эмас. Қолаверса, ана шу ишда ҳам маҳалла ўғиллар таъминотига даъвогар бўлишда Бобоқул бобога кўмакчи бўлаоларди, қачонки “Нарпай” фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Сувонов ва мутасаддиларда одамгарчилик бўлса. Рўйхатдан ўчириш осонроқ, албатта.
– Бу маҳалла дегани ўз манфаатига қараб, одамига қараб ишларкан, – дейди Бобоқул Қурбонов. – Ёрдам сўраб бормаган жойим қолмади. Ўзимизнинг раис ҳеч бир ёрдам қилмади менга. 250 минг сўм оласиз, деб маҳалла раиси Тўлқин Сувонов ҳужжат тайёрлатди. Лекин ундан ҳам дарак бўлмади. Ёлғон бўлмасин, Ойсулув магазинчи раис билан бирга хайрия сифатида бир баклажка мой, 2 килограмм картошка, ярим кило уваланган печенье бериб кетди. 12 кишига бир халта унни ўз пулимга олганим 2020 йил ноябрь ойида эди. Хўрлиги келади, кишининг… Жуда муҳтож бўлмаса кимларгадир ялингиси келадими одамнинг?! Ноиложликдан мажбур бўласан, лоақал маҳалладан ёрдам сўрашга. Деворга тавалло қилганча бўласиз…
Маҳаллада фақат икки кекса ночор, қаровчиси йўқ кексалар рўйхатида тураркан. Икки кишининг бири Бобоқул бобо экан. Нимадир сабаб билан “темир дафтар”дан Бобоқул Қурбонов ўчирилибди. Бунга нима асос бўлган? Буни Тўлқин Сувонов ҳам изоҳлаб беролмайди. Бу дафтарга одамлар раиснинг кайфиятига кўра киритилиб, чиқарилса керак-да…
Маҳалладаги темир дафтарлар оддий қоғоздан, ўша дафтар юритувчиларнинг юраги темир-метин. Темир бўлганда ҳам дафтар юритувчи манфаати учун мум бўлиб эрийдиган темир. Масалан, Бобоқул бобо нима сабабдан ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлиб турган ҳолида дафтардан чиқарилди? Гап шундаки, кўп фуқаролар маҳалла тизимидаги ноҳақликдан нолишади. Менинг тажрибам шуни кўрсатдики, нолишлар асоссиз эмас экан.
Халқимизда чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади, деган гап бор. Секторлар вазифасига кўра бюрократлик, сансалорликка чек қўйиши керак. Ишонгину текширгин, деган гапга амал қилиб, 4-сектор жойлашган ерга бордим. Сектор ишларини ташкил қилиш бўлими ходими Фозил Боймуродов аввалига Бобоқул Қурбоновдан хавфсираб: “ У киши арз қилдими? – сўради кўзлари ола-кула бўлиб, кейин – маҳалла раисига борсин, иккаласи бу ерга келсин”. – деди. Мен бу ходимга куйиб-пишиб бобонинг аҳволини тушунтирсам, унинг менга жавобини қаранг. Маҳалла тизимида халққа ғамхўр масъуллар ҳам бор, лекин афсуски, шундайлар ҳам борки, уларнинг аксарияти ўз вазифаси масъулиятини англашни истамайди, фақат ёпиғлиқ қозон қопқоғи жилмаслиги ҳақида қайғуради.
Хуллас, бу секторда охир-оқибат Б. Қурбонов темир дафтарда йўқ, деб айтишди. Ҳеч кимнинг кунини маҳаллага қолдирмасин экан… Маҳалланг отанг, онанг дегани бекор гап. Маҳалланг ўгай отанг, ўгай онанг, деса тўғрироқ бўларкан, афсус…
– Нега оғир нафас олаяпсиз, нафас йўлларингизда ҳаш-ҳашингиз кучли? – сўрадим бободан.
– Бир қаттиқ шамоллаб, охиригача даволанолмадим, шундан сўнг сурункали бронхитни орттириб олдим. Ўшандан буён ҳам аҳволим фақат ёмонлашади. Пенсияни қайси бир эҳтиёжга етказай?
Суҳбатдан аниқландики, бобонинг соғлигидан ШУЖ тиббиётчилари ҳам мутлақо хабар олишмас экан. Биз маҳаллага илк бор борган кунимиз бу тиббиёт маскани эшигига катта қулф осиғлиқ эди. Иккинчи марта борганимизда 4 нафар ҳамширани кўрдик, улар аллақандай қоғозлар тўлдириш билан банд бўлиб, бу иш маҳалла раиси ҳамда “ҳамширалар раҳбари” топшириғига кўра бажарилаётган экан. Ишнинг номи хатлов, хатлов қоғозлари охирида имзо чекувчилар участка ноиби билан маҳалла раиси экан. Қизиқ, ҳамшираларнинг ўз иши қолиб, хатлов билан шуғулланиши қанчалик тўғри? Маҳалла раиси ҳамшираларга ҳам хўжайинми? Шу ишга масъуллар нима ишлар билан банд экан? Айтмоқчиманки, ҳамма ўз ишини ўзи виждонан бажарса бугун жамиятимизда шунчалик масъулиятсизлик кузатилмасди.
Биз “Нарпай” маҳалла фуқаролар йиғинига қилган биринчи ташрифимиздан сўнг Ҳусния Умирова билан Феруза Шукуровалар Бобоқул бобони кўрикдан ўтказиб, “даволанишингиз керак, биз сизни шифохонага олиб борамиз”, деган кунидан ҳам анча вақт ўтди. Бироқ, ваъда ваъдалигича қолди.
“Нарпай” маҳалласидаги марказий поликлиникага қарашли ШУЖнинг юзи ялтироқ, ичи қалтироқ экан. Кўриниши ажабтовур бинонинг хоналари ялонғоч, беморларни қабул қилиш, муолажалар ўтказиш, болаларни эмлаш, анализларни таҳлил қилиш учун бирор-бир шароит йўқ. Бирорта тиббий асбоб-ускуналарнинг ўзи йўқ. Ҳамширалар хоналар исимаслиги, ҳатто стол, стул йўқлигидан нолишди. Бу муассасада ишлаши лозим бўлган 12 кишидан 3 нафари 0,5, бир нафари 0,75 ставкага ишловчи ҳамшираларни кўрдим. Ушбу шифокор уй жойнинг мудираси Ишқобилова Ҳакима камдан-кам ишда кўринаркан. Асли пенсиядаги бу шифокор кўп йил ишлаб чарчаганга ўхшайди. Кўп тармоқли марказий поликлиника раҳбарияти ушбу тиббиёт маскани иши билан мутлақо қизиқмас экан. Яна бир муҳим ҳолатни эътироф этмай бўлмас. Бу бинонинг иситиш тизими шундай қилинганки, иссиқ сув келган қувурлар иссиқликдан қийшайиб, майшайиб кетибди. Бу нимадан далолат? Бунинг сабаби – иситиш тизими иш буюртмачиси томонидан синалмасдан қабул қилинган. Виждонсиз “мутахассис”лар тизимни чаппа-тескари улаган.
Ҳеч кимнинг кунини маҳаллага қолдирмасин экан… Ана шундай, биз борган “Нарпай” маҳалла фуқаролар йиғинида барча ишлар чаппа-тескари, сабаби – масъулиятсиз мутасаддилар кўпчиликни ташкил этаркан…
Муҳаббат СОДИҚОВА.
Суратлар муаллифи Илҳом МАРДОНОВ.

МУҲАРРИРИЯТДАН:
Бу гал биргина “Нарпай” маҳалласининг бир нафар ёрдамга муҳтож фуқаросининг ечилмаган муаммоларини акс эттирдик. Бугун туманимизнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг дардини эшитиб, амалий ёрдам кўрсатадиган, аҳоли дардини ўз дардидек қабул қиладиган масъуллар кам, афсус. Бироқ, муҳарририят ана шу салбий ҳолатларни, агар лойиқ топилса ижобий воқеликларни ҳам мунтазам газетамизда акс эттиришга бел боғлаган. Марҳамат, бизга мурожаат этинг.
Ушбу мақолада биз воқиф бўлган барча ҳолатлар ҳам аксини топди, дея олмаймиз. Туманимизнинг маҳалла тизимидаги ҳақиқатни сиз, газетхонлар диққатингизга ҳавола қилишда давом этамиз…

Тегишли хабарлар

ЖАЖЖИЛАР АРДОҚДА

Paxtakor Ovozi

Китоб — яқин дўст

Paxtakor Ovozi

Бошланғич таълим

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг