Махаллий

Ислом шоир издошлари

ДЎМБИРА САДОЛАРИ ҚОРАТОҒНИ ҚУЧГАНДА…

Гўзал ва салобатли тоғлар қўйнидаги қадимий ва навқирон Тим қишлоғини баланд тоғ тепасидан туриб кузатганмисиз?! Айниқса, унинг сулув баҳор ва қорли қиш фаслларидаги гўзал манзаралари беихтиёр сизни мафтун этади. Мафтункор қишлоққа атоқли халқ бахшиси Ислом шоир Назар ўғлининг ҳам назари тушган. У тимликларнинг меҳмони бўлиб, дўмбира жўрлигида достон ва термалар айтиб, улар қалбларига завқу шавқ бағишлаган. Баъзан қишлоқ аҳли халқ бахшисининг ижод намуналарига берилиб кетиб, тунни тонгга улаган…
Ана шундай сирли ва сеҳрли учрашувларнинг бирида ўн олти яшар Мамай ўзи ясаган дўмбирасини кўтариб, Ислом шоирга пешвоз чиқиб, унга шогирд тушишини айтади. Ислом ота йигитчани Оқтошга таклиф этади. Шу тариқа ёш Мамай вақти-вақти билан шоир хонадонида бўлиб, унга уй юмушларида ёрдам бериш билан бир қаторда, унинг шогирдлари – Саъдулла бахши Хушвақтов, Омон шоир Қосимов, Қилич бахши Шукуровлар билан тўй-маросимларда қатнашиб, бахшичилик санъати сирларини ўрганади…
Орадан йиллар ўтиб, сервиқор тоғлар бағридаги Тим қишлоқда Ислом шоир Назар ўғлининг садоқатли шогирди Мамай шоир дўмбира кўтариб, даврага чиқди, эл олқишига сазовор бўлди. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг бебаҳо дурдоналаридан парчалар, кўплаб ўзи ижод қилган термаларини айтиб, халқ олқишини олди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша пайтдаги “Қарнаб” хўжалиги хонадонларидаги тўй-маъракаларнинг кўпчилигига Мамай бахшини таклиф қилишарди. Даврабошилар аксарият ҳолларда “Ислом шоирнинг шогирди” дея эътироф этишарди уни. Ана шундай пайтларда у дўмбирасини қўлига оларкан, янада ғурурланиб, жўшиб кетарди.
Мамай бахшининг укаси Элибой Жумабоев билан ҳарбий хизматда бирга бўлганмиз. Эллик йилдан буён дўстмиз. Шу туфайли Мамай бахши билан ҳам қадрдон бўлиб қолгандик. Дўстим хонадонига меҳмон бўлиб борганимда албатта, Мамай бахши билан учрашиб, суҳбатлашардик.
Тимликлар жуда меҳмондўст. Меҳмон бўлиб борганимизда кўпинча биринчи бўлиб Мамай бахши уйига таклиф этарди. Бир пиёла чой устида гурунг қизиб кетарди. Шунда у қўлига дўмбирасини олиб, “Алпомиш”дан ёки “Орзигул”дан бошлаб юборарди. Дўмбира қўлдан қўлга ўтарди. Акаси Пардабой ва укаси Жўлибой, ўқитувчи Ҳикмат бахши Мусурмоновлар ҳам достон ва термалар айтишда Мамай бахшидан қолишмасликка ҳаракат қилишарди.
Мамай бахши умрининг сўнгги йилларида баракали ижод қилди. Унинг “Нурбулоқ наволари” деб номланган китоби босилиб чиқди. Китобдан ўрин олган “Бу Ватан”, “Дўмбирам”, “Ўзбегим”, “Қишлоғим”, “Кампирим”, “Мустақиллик муборак”, “Нон увоғи”, “Самарқанд” сингари термалари, “Ойсулув” достони замон нафасига йўғрилганлиги билан диққатга сазовордир. Мамай бахши бир қатор бахшиларга устозлик ҳам қилган. Ҳикмат бахши Мусурмонов, Хуррам бахши Эшмуродов, Дониёр бахши Эшмуродовлар шулар жумласидандир. Шунингдек, у бахши-шоирларнинг кўрик-танловларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган. Мамай бахши умр йўлдоши Махфират ая билан эллик йил бирга яшаб, етти нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Фарзандларидан Сайим отаси изидан бориб, эл ичида бахши номини олди. Эндиликда Мамай бахшининг сайроқи дўмбираси унинг ўғли Сайим бахши қўлида жаранглаётир.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда халқ оғзаки ижодини кенг тарғиб этишга ва ривожлантиришга, шу жумладан, бахши-шоирлар ҳаётини чуқур ўрганишга, ижод қилаётганларга шарт-шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эътибор туфайли Сайим бахши Эргашев айни пайтда Нуробод туманида ташкил этилган бахши-шоирлар мактабида йигирма нафар йигит-қизга бахшичилик санъати сирларини ўргатяпти. Сайим бахшининг тўнғич ўғли Илёсжон ҳам бобоси руҳини шод этиб, бахши-шоирлар тўгарагини ташкил этган. Отанинг кенжа фарзанди Исломжон ҳам яқинда Тошкентда Қори Ёқубов хотирасига бағишлаб онлайн тарзда ўтказилган ёш бахшилар танловида фахрли 2-ўринга сазовор бўлди. Тимликлар, Мамай бахшининг фарзандлари ва шогирдлари бахшининг 90 йиллигини нишонладилар.
Дарвоқе, ҳар гал Мамай бахши хонадонида бўлганимда бирор-бир достонни айтиш баробарида қўнғир мўйловини силаб қўйиб, илҳоми жўшиб кетадиган Ислом шоир Назар ўғлининг садоқатли шогирди Мамай бахши қиёфаси кўз ўнггимда намоён бўлади. У дўмбирасини маҳкам қучоқлаб, сервиқор тоғлар бағридан дадил чиқиб келаётгандай туюлади…
Ризо ХУДОЙҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Тегишли хабарлар

ҚАНДАЙ ИШЛАР МАҲАЛЛА? — “ЯЛЛИ, ЯЛЛИ ЯЛОЛА…”

Paxtakor Ovozi

ҲАФТА ИЧИДА

Paxtakor Ovozi

ИШОНЧ ВА ЭЪТИРОФ

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг