Жамият Махаллий

МУБОРАК ОЙ

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин. Рўза араб тилида «сиём» маъносини англатиб, киши бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади. Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп.
Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб: «Эй имон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган. Бошқа оятда;
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», дейилган. Бундан аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша «саноқли кунлар – «Рамазон ойи» эканини баён қиляпти. Айни чоғда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти. Моҳи рамазон йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган.
Рўзанинг фазилати ҳақида Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен — Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирин рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар.
Дарҳақиқат, азизлар, бизларга Аллоҳ таоло баракот ойини насиб қилди. унинг қанчалик даражада баракалик эканлигини, имонимиз ва ишончимиз даражаси ила ҳис қиламиз. Аммо, бу раҳмат ойида кўп яхшилик борлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. Чунки, бу ойда тутаётган рўзаларимиз билан ўзимиздаги кўп ёмонликлардан тийиламиз. “Мен рўзадорман”, деб анча-мунча ножоиз ишларимиздан тўхтаймиз.
Муборак моҳи рамазонда гина кудуратлар унутилиб, иттифоқ уришиб қолганлар бир-бири билан ярашади, бир-биридан узр сўрайди. Якка-ёлғиз, етим-есир, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, саховат кўрсатилади. Яқин қариндошлардан, касалмандлардан кўнгил сўралади, инсоний хислатлар жунбушга келади. Рўза бу – омонат ва ибодатдир. Шу боис мусулмонлик амалларидан саналган рўзани чиройли адо этиб, Парвардигордан унинг ажрини кутайлик. Пайғамбаримиз марҳамат қилганидек “Рўз тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши оллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилиб, гуноҳи кечирилгандир”. Бобомиз Алишер Навоий айтганидек, “Нафсингни бўйсундириб, яхшилик йўлига солиб қўйсанг, оламда сендек шижоатлик зот йўқ”.
Эътиборлиси, шу йил Рамазон ойи тақвим бўйича 13 апрелдан бошланиши белгиланган. Ой кўринишига қараб, бир кунга фарқ қилиши мумкин.
Рамазонлик баракотидан юртимизга тинчлик, оилаларга мустаҳкамлик, рўзғорларимизга тўкин-сочинлик шафоат этсин.
Отабек ҳожи ТОШБЕКОВ,
туман бош имом хатиби ўринбосари.

Тегишли хабарлар

ТОЗАЛИК — СОҒЛИК ГАРОВИ

Paxtakor Ovozi

Китоб — яқин дўст

Paxtakor Ovozi

ИШОНЧ ВА ЭЪТИРОФ

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг