Махаллий

МУКАММАЛЛИК НИМА?

“Баркамол авлодни тарбиялаймиз”, бу гап тарбиячи, ўқитувчи учун шиордек бўлиб қолган. Негаки, ҳар бир жамият келажаги бугунги тарбияланувчи, ўқувчиларнинг нечоғлик мукаммал инсон бўлиб етишишига боғлиқ. Мукаммаллик нима? Мукаммаллик инсоннинг ҳам жисман, ҳам ақлан ривожланишининг энг юксак даражаси.
Таълим-тарбия ҳақида гапирар эканмиз, ақлий баркамоллик жисмоний баркамолликка замин бўлишини назарда тутамиз. Соғлом танда соғ ақл, деган ибора шундан келиб чиққан. Тани соғлиққа эса жисмонан чиниқиш ва албатта, соғлом ва тўғри овқатланиш натижасида эришилади. Шуларни назарда тутган ҳолда айтиш мумкинки, мактабгача таълим ташкилотида айнан овқатланиш сифати масаласи бирламчи масала ўрнини тутади. Мактабгача таълим тизимида соғлом овқатланиш қанчалик аҳамиятли экани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мактабгача муассасаларида соғлом овқатланиш тўғрисида”ги қарорида акс этган вазифалар мисолида намоён этади. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар доирасида туманимиздаги 12-мактабгача таълим ташкилотида ўқув семинар ўтказилди.
Бу масканни “Бўстон” ичидаги бўстон деса бўлади. Ихчам ва чиройли, болалар муассасасига оид барча талабларга жавоб берадиган бу маскан ички, ташқи кўриниши, жиҳозланиши, болаларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шароити жиҳатидан энг юқори баҳога лойиқ. Муассаса раҳбари Гулноза Халилова ҳамда ҳамшира Зулфия Манноновалар хизматлари катта бўлди ушбу ўқув семинарни ташкил этишда. Барча туман мактабгача таълим ташкилотларининг ҳамширалари ўзларида тайёрланган бир кунлик овқат рациони намуналарини намойиш этишди. Рационлар хилма-хиллиги, уларда турли салатлар, компот ва шарбатларга ўрин берилгани қувонарли.
Семинарнинг айнан олис ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотида ўтказилиши чекка қишлоқлардаги муассасаларда ҳам бу муҳим масалага жиддий эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Ўқув семинари жуда қизиқарли ва жонли ўтди. Унда барча МТТларда фаолият юритаётган ҳамширалар ўз вазифалари бўйича тест саволларига жавоб беришди. Шуниси қувонарлики, ижодкор ҳамширалар ўз ижодларидан намуналар ўқиб, иқтидорларини намойиш этишди. Кичкинтойлар эса рақс ва қўшиқлари билан семинар иштирокчиларини қойил қолдиришди.
Қарор низомига оид тузилган тестларга берилган жавоблар жюри аъзолари томонидан қуйидагича баҳоланди: туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 1, 3, 6, 12, 13, 17, 22, 38, 40, 15, 19, 64-мактабгача таълим ташкилотлари ҳамширалари Насиба Худойқулова, Лола Ибодуллаева, Гулчеҳра Джаманова, Зулфия Маннонова, Муборак Раҳмонова, Рушана Раҳматова, Шаҳноза Бердиева, Зилола Қобилова, Холида Намозова, Ферўза Янгибоева, Мўътабар Турсунова, Лола Рўзимуродовалар фахрий ёрлиқлар билан мукофотланишди.
Семинар ишида туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг бир гуруҳ мутахассислари, туман ҳокимияти, “Пахтакор овози” газетаси ходимлари ҳам иштирок этишди. Туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи Ойгул Ғаффорова ҳамшираларга қимматли маслаҳатлар, тавсиялар берди
Ўқув семинарини самарали ўтказишда туман мактабгача таълим бўлими мудираси вазифасини бажарувчи Барно Асомиддинова болалар саломатлиги, соғлом овқатланишни таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини мувофиқлаштириш, шуъба мудири Дилрабо Ҳайдарова, бўлим озиқ-овқат ҳисоби бўйича ҳисобчи Азиза Нурмаматовалар хизмати катта бўлди.
Муҳаббат ЙЎЛДОШЕВА.

Тегишли хабарлар

ОДДИЙГИНА БУЮКЛИК

Paxtakor Ovozi

Муштингнинг зарбига қойил!

Paxtakor Ovozi

Ислом шоир издошлари

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг