Жамият Махаллий

ОДДИЙГИНА БУЮКЛИК

Уч яхшиликни ўзида мужассам қилаолган аёлгина, ҳақиқий аёл бўлаолади. Яхши она, яхши уй бекаси, яхши ишчи ёки хизматчи аёл жамиятни ҳам, оилани ҳам яшнатади, гуллатади.
Очилтош ая Бобоқулова шундай қалби чаман, қўли гул, меҳри дарё аёлларимиздан бири.
-Йўғ-е, мен ҳақимда ёзманг, — деди у киши нима мақсадда келганимни билиб, — мен билан бирга ишлаган, менга иш ўргатган кекса ўқитувчилар бор, ана шулар ҳақида ёзинг, -дея уларнинг номларини санай кетди ая. – Мен эса бир оддий куни узайтирилган группа тарбиячиси бўлиб ишлаганман.
Аслида яхши бажарилган вазифанинг каттаю кичиги ҳам баробар – кишиларга олиб келинган яхшилик салмоғи билан ўлчаниши, барча замонларда ҳам Очилтош аядек оддий, содда аёллар мамлакат тараққиётини равнақ топтирганини, буюклик ҳам ана шу оддийлик, соддаликда эканини у кишига айтиб ўтирмадим. Ая ўзи сезмаган ҳолда ҳаёти, иш фаолияти, жамиятимизнинг бугунги куни ҳақидаги суҳбатга киришиб кетди.
Очилтош Бобооқулова бугун нафақадаги ўқитувчи, тарбиячи. У киши олий ўқув даргоҳларида таълим олмаган бўлсада махсус курсларда таълим олиб, асли ўзида бўлган педагоглик қобилиятини иш фаолияти давомида намоён қилаолган. 1961 йилда ҳозирги 56-мактабга ишга келиб, 28 йил эл фарзандига таълим-тарбия берган.
-Мен 28 йил бир жамоада ишладим, -дейди ая. –Жамоамиз жуда аҳил, бир оила фарзандларидек бир-бирига меҳрибон эди. Дастлаб менга устозлик қилган раҳматлик Роза опа Ҳасанова, Раҳмон ака Обиловлар педагоглик касбининг фидойилари эдилар. Мактабимизга кўп йил раҳбарлик қилган марҳум Суннат Очилов, бирга ишлашган касбдошларим Зулфия Худоёрова, Ҳабиба Ханжарова, Малика Очилова, Али Каримов ва бошқа ўнлаб ажойиб педагоглардан кўп яхшиликлар кўрганман. Энди ўйласам, шулар билан ёнма-ён ишлаб юрган даврларим ҳаётимнинг энг ёрқин, энг завқли-шавқли ўтган бўлаги экан…
Аянинг Фароғат Қодирова, Шаҳзода Ражабова, Раъно Омонова, Дилором Омонова ва яна кўплаб шогирдлари ҳам бўлганки, уларни ҳамон аллақандай бир илиқлик, меҳр билан тилга олади.
Юқорида айтганимиздек, Очилтош ая ажойиб уй бекаси ҳам. У киши 1955 йилда Норқобил ака Бобоқулов билан турмуш қурган. Ўйлашимча, Очилтош ая Норқобил акага унинг болалар уйида ўсиб улғайганлари, сағирлик машаққатлари эвазига Аллоҳ томонидан инъом этилган бахт сарчашмаси бўлган. Бундай дейишимга асос шуки, бу оилани кўпдан биламан. Очилтош аянинг оналик, бекалик ҳислатларидан ҳар бир аёл ўрнак олса арзийди. Ўзим аёл сифатида у кишининг саришта-саранжомли, турмуш ўртоғи, фарзандларига меҳрибонлиги, оила фидойиси эканлигига ҳавас қиламан.
Норқобил ака ҳам асли педагогликдан комсомол, партия ишларига кўтарилган. У киши билимдонлиги, ишчанлиги туфайли кўп йиллар фақат раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Яқинда “Ўзбекистон” хўжалигидан бир киши билан суҳбатда бўлгандим. У киши: “Норқобил ака Бобоқуловдек ҳалол, покиза, халқ фаровонлиги учун жон куйдириб меҳнат қилган инсон раҳбарлигида ишлаганмиз”, дея ғурур билан гапирди. Ҳақиқат ҳам шу. Норқобил ака колхоз раисими, совхоз директорими, қишлоқ хўжалиги бошқармаси раисими, қайси вазифада ишламасин, ҳалоллик, халққа жонкуярлик хислатларини устун қўйиб, катта масъулият билан меҳнат қилган. У киши ҳақида ким билан суҳбатлашманг, биринчи галда “ҳалол, ҳақгўй одам” дея таърифлашади.
Ана шундай ўзига, атрофдагиларга талабчан, ҳақиқатни қарор топтириш йўлида ўзини ҳам, бировни ҳам аямайдиган инсон билан бир умр ёнма-ён яшаш Очилтош ая учун ҳам яхши, ҳам, албатта, мушкул бўлган. Яхши томони – виждон хотиржамлиги, хавотирсиз яшаш. Мушкулотлар эса… Ҳақиқатгўй бўлиш, адолат барқарорлиги учун талашиб-тортишиб яшаш барча замонларда ҳам осон бўлмаган. Бироқ, Норқобил аканинг оғир-енгил ўтган кунларида Очилтош ая ўзининг ақлу заковати, садоқати билан у кишига суянчиқ бўла олган. Бундай ҳаётий мажбуриятни тўласинча адо этиш барча аёлларнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Бобоқуловларнинг бир ўғли, тўрт қизи ҳам олий маълумотли мутахассислар. Рустам, Мубораклар – муҳандис, Раъно, Шоира, Муқаддаслар – педагог. Улар ҳам ота-онасидек ўз соҳаси билимдонлари. Хизмат вазифалари учун масъулиятни ҳис этиб, сидқидилдан адо этишади. Фарзандлар таърифини келтириш учун кўп сўз сарф қилмай бир гапни айтиш мумкин. Улар ҳақида ҳеч қачон “ота-онаси шундай яхши одамлар бўлсаям…” дейишмайди. Аксинча “Бобоқуловнинг фарзанди-да…” дейишади. Бу таърифга изоҳнинг ҳожати йўқ.
Бугун Очилтош ая ҳамда Норқобил ака Бобоқуловлар яшаган ҳаёти, қилган ишлари, фарзандлари камолидан мамнун бахтли кексаларимиздан. Беш фарзанд, 16 невара ҳузурини кўраётган бахтли инсонлар. Улар бу бахтга арзийдилар. Чунки, бу бахт ҳалол-покизалик, ҳақгўйлик ҳамда машаққатли меҳнат билан қўлга киритилган. Шу боис ҳам унинг умри бақо бўлади.
Муҳаббат СОДИҚОВА.

Бу икки улуғ инсон, меҳр-муҳаббатда, садоқатда мукаммаллик соҳиби бўлган жуфт ҳақидаги ушбу мақола 2002 йилнинг 23 август куни “Пахтакор овози”да чоп этилган. Шунга ҳам 21 йил бўлибди. Бироқ, асл инсон, чин ОДАМларнинг одамийлик сифатлари, қадр-қиймати вақт ўтган сайин энг аъло қирралари билан жилоланавераркан. Улар табиатида оддий буюклик мужассам бўлган сара инсонлар эди. Бугунги замонамизда тўлиқ ишонч билан айтаоламизки, улар каби кишилик жавоҳирлари камдан-кам…
Мақолани бугун ёзганимда эр-хотин Бобоқуловларни энг ноёб сўзлар билан кўнгилларини шод айлардим, уларни энг баландпарвоз сўзлар билан-да мақташга тортинмасдим, негаки улар шунга лойиқ бўлганлар. Аслида мана шулардан ибрат олсин авлодлар! Биз қаламкашлар ажойиб инсонлар ҳаёти, фаолиятини, албатта, ёритиб борамиз.Шу гўзал жуфт ҳамда улар каби бугун орамиздан кетган покиза инсонлар хотираси олдида бош эгамиз… Жойлари жаннатдан, охиратлари обод бўлсин.

Тегишли хабарлар

БАЛЛИ, ҒАЛЛАКОРЛАР. ЗАФАР ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

Paxtakor Ovozi

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни.

Paxtakor Ovozi

Бошланғич таълим

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг