Ўзбекистон

САВОЛИНГИЗГА ЖАВОБ БЕРАМИЗ

  • Битим ва нотариал тартибдаги ҳужжатларни расмийлаштиришда сурдо таржималари ваколатидан қандай фойдаланилади?
    Нурилла АБДУЛЛАЕВ,
    Оқтош шаҳри.
  • Бундай нотариал ҳаракатлар Вазирлар маҳкамаси томонидан тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилади.

Унга кўра, битимни расмийлаштиришни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, битимни тасдиқлаш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битимнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.
Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) фуқаро учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган фуқаролар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида битим матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.
Мурожаат қилувчи битимни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши мумкин. Бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим.
Бир шахс ҳужжатни имзоловчи фуқаро, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси Карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Республикаси Кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ, сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас.
Белгиланган тартибда битимни имзолаш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек, касаллиги туфайли битимни ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.
Таржимон ёки сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.
Азизжон Курбанов,
Нарпай туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

Тегишли хабарлар

ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?

Paxtakor Ovozi

МИЁНКОЛЛИК РОБИА

Paxtakor Ovozi

ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг