Махаллий Фототанқид

Ўқувчисиз қолаётган синфхоналар Ўз вазифасига бефарқ раҳбарлар

Халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар соҳа ривожига, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлиб шаклланишига хизмат қилади. Учинчии Ренессанснинг пойдевори мактабдан бошланиши лозимлигини Президентимиз бот-бот уқтираётгани бежиз эмас.

Афсуски, айрим таълим муассасаларида бутунлай бунинг аксини кўряпмиз. Туманимиздаги 2-умумий ўрта таълим мактаби(вақтинча директор вазифасини бажарувчи Аббос Тоғаев)га ташриф буюрганимизда илм даргоҳига кираверишда на навбатчи ўқитувчини, на ҳамширани учратдик. Антисептик воситалар, тана ҳароратини ўлчайдиган асбоб (перометр) ҳам йўқ. Синфлардаги ўқувчилар давоматининг пастлиги, битта партада учталаб ўқувчи қисилиб ўтирганига гувоҳ бўлдик. Сабаби, синфхоналар совуқ. Шу боис кўпчилик ўқувчилар дарсларга келмаяпти. Келганлари ҳам совуқ баҳона ва баъзи дарслар ўтилмаётганлиги боис уйларига кетиб қолишяпти.

Мактаб кўмир билан таъминланган бўлса-да, қозонхонага олов ёқилмаган. Дарс машғулотлари бошланишидан аввалроқ олов ёқилса, синфхоналар бироз бўлса ҳам илиқ турарди. Қозонхона ҳам кўримсиз, таъмирталаб аҳволда. Унинг атрофида турли чиқиндилар сочилиб ётибди. Бундай аҳволда ўқувчиларнинг тўлиқ билим олишига, дарс самарадорлигига қандай эришиш мумкин?

22-умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолат ҳам қўшни мактабдан қолишмайди. Дарслар давом этаётган бир пайтда айрим ўқувчилар мактаб ҳовлисида юришибди. Совуқ синфхоналарга киришни исташмайди, чамамизда. Мактаб залида, синфхоналарда бир нечта ўтирғичлар таъмирталаб, бетартиб ҳолда, тўнтарилиб ётибди. Айрим синфхоналар деворига илинган кўргазмали қуроллар қийшайиб, устини чанг босган.

Иситиш қозонлари қаровсизликдан занглаб кетган, таъмирга муҳтож. Бу ердаги аҳвол санитария-гигиена қоидалари талабларига мутлақо жавоб бермайди. Хуллас, бундай камчиликларни санаб адоғига етмайсан, киши.

Мактаб таълимига эътибор ва талаб кучайтирилаётган бир пайтда ушбу таълим муассасасидаги ачинарли аҳволдан наҳотки мактаб директори вазифасини бажарувчи Эркин Элмуродов ва унинг ўринбосарлари қолаверса, туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг хабари бўлмаса? Ёки билса-да билмасликка, кўрса-да кўрмасликка олишяптими?

Таълим-тарбия, келажак авлод истиқболи давлат аҳамиятига молик устувор вазифалардан. Биз юқоридаги танқидий ҳолат бўйича мутасадди раҳбарлардан жавоб кутамиз ва бу мавзуга яна қайтамиз…

Илҳом МАРДОНОВ,

“Пахтакор овози”нинг махсус мухбири.

Тегишли хабарлар

МАКТАБДА УЧРАШУВ

Paxtakor Ovozi

Санъатим – саодатим

Paxtakor Ovozi

Пахтакор овозидаги йиғилишдан расмлар

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг