Жамият Ўзбекистон

“ВАТАН ВА МИЛЛАТ ҚАЙҒУСИ”

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг янги китоби ана шундай деб номланган.

Ушбу асар ҳақида тўхталишдан олдин сиёсатшунос олим сийратига озгина назар ташлаб ўтишни жоиз топдим.
1947 йил 4 июлда Тошкент шаҳрида туғилган олим Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси. У меҳнат фаолияти давомида масъул вазифаларда ишлаб келмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, Учтепа (собиқ Акмал Икромов) ҳамда Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. Ўша кезларда эндигина озодликка эришган юртнинг оғриқли муаммоларини ҳал этиш борасида кўплаб лойиҳаларнинг ташаббускори, бевосита ижрочиси бўлган. Қарийб йигирма йил Жиззах вилоятида турли лавозимларда меҳнат қилди. Бу даврда «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятини катта саноат объектига айлантирди.
Қудратилла Рафиқов ушбу хизматлари учун 2017 йил ватанимизнинг юксак мукофоти – «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
У бошчилигидаги Республика Касаба уюшмалари Федерацияси “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ва бошқа йўналишларда журналистларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ишига катта ҳисса қўшиб келаётир.
Яқинда сиёсатшунос олимнинг Ўзбекистон ҳақидаги мулоҳазалари ўрин олган “Ватан ва миллат қайғуси” деб номланган китобини зўр иштиёқ билан ўқиб тугатдим. Гарчанд, китобда мавзулар турли-туман, ранг-баранг бўлса-да, уларни бирлаштириб турадиган ягона таянч нуқта, ғоя бор. Бу – миллат дардини англаш, унинг келажаги йўлида ҳар бир фуқаро жон куйдириши, бефарқ бўлмаслиги масаласидир.
Биргина мисол, “… бугун Ўзбекистон ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Ўзбекистон янгиланмоқда, ўтмишини қораламаган ҳолда том маънода янги келажагини яратмоқда. Хорижлик бир сиёсатшунос бу жараёнларга содда ва лўнда қилиб: ”Ўзбекистон изоляциядан чиқмоқда”, – дея баҳо берди. Бу, албатта, бунёд бўлаётган янги жамият мотивига умумий бир баҳодир.
Бироқ, масаланинг моҳиятини тагматнга жойлаган ушбу жумла нишонни тўғри олгани билан ғоят аҳамиятлидир. Негаки мамлакатимиз ҳаётини қайта қуришга қаратилган ҳаракат марказида айнан ўша изоляцияни “синдириш” ётади…” – деб ёзади Қ.Рафиқов “Марказий Осиё: асрий орзулар рўёби” мақоласида.
Муаллифнинг янгиланиб бораётган Ўзбекистон ҳақидаги кенг мушоҳада, чуқур таҳлилга асосланган қарашлари, кузатувлари ўқувчида катта таассурот қолдиради. Таъкидлаш жоизки, мақолалар биз ўқиб, кўниккан одатдаги сиёсий мақолалардан фарқли равишда жонли – ҳаётий, илк сатрлариданоқ ўқувчини ўзига ром этади. Китобдан тўқиб чиқарилган нарсани тополмайсиз. Унда ортиқча гап-сўзларга ўрин йўқ. Ўзбекистондаги сиёсат, ижтимоий ва иқтисодий мавзулардаги фикр-мулоҳазалар реал ҳаётда юз бериб турган воқеалар асносида далил-исботларга таянади.
Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига эътибор беринг:
“Қудратилла Рафиқовнинг мазкур рисоласини ўқир эканмиз, ундаги тил ва меъёр, халқона услубдан кўнглингиз яйрайди. Назаримда, бу жуда керакли жиҳат. Негаки шу кунгача халқимиз сиёсатдан четда “тутилди”. Қолаверса, сиёсатшуносликка оид “илм”имиз тилининг академик чучмаллиги ёки ўта мураккаблиги ҳам одамларни сиёсий адабиётлардан нари итариб келди.
Эҳтимол, бир пайтлар бу қусур давлат ва жамиятнинг баъзи қатламлари учун фазилат саналган бўлиши мумкиндир. Бироқ, бугун эмас. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган шаффоф сиёсат ҳар бир фуқародан сиёсий фаоллик, онглиликни талаб этади. “Ватан ва миллат қайғуси” китоби эса ўқувчи онгига ана шу фаоллик, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаслик туйғуларини уйғота олади…”
Қудратилла Рафиқовнинг ушбу китоби мазмун-моҳияти, содда тили, қисқа ва лўндалиги билан ўқувчилар кўнглига йўл топади. Китобни варақлаган ҳар қандай ўқувчи муаллиф нима демоқчи, деган саволга қийналмай жавоб топади. Сиз ва биз ҳақимизда, бугун ҳаётга қайси кўз билан қараётганимиз, дунё кўз ўнггида ўзгариб бораётган Ўзбекистон ҳақидадир.
Ҳа, бу китоб хусусида соатлаб гапириш мумкин. Аммо, халқимизда, “Минг эшитгандан бир кўрган яхши”, деган ҳикмат бор. Келинг, яхшиси китобни ўқиб чиқайлик. Меванинг тотини еб кўрган оғиздан эшитгандан кўра, еб кўриб билганга нима етсин…
Тошпўлат ТОШМУРОДОВ.

Тегишли хабарлар

КУТУБХОНА — НУРХОНА

Paxtakor Ovozi

2018 йилги пахта йигим-терими мавсумига тайёргарлик.

Paxtakor Ovozi

“Табиат учун» бирлашайлик!”

Paxtakor Ovozi

Изох қолдиринг